Ўзбекистон ва ОТБ: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Мамлакатимизда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик изчил ривожлантирилмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) Ўзбекистондаги директори Канокпан Лао-Араия билан учрашди.
Мулоқотда иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, чўлланиш ва чанг-тўзонларга қарши курашиш, атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, иқлим маълумотлари ва мониторинг тизимларини ривожлантириш, иқлимни молиялаштириш, чиқиндиларни барқарор бошқариш ҳамда “яшил” технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг ОТБ томонидан амалга оширилаётган атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш ва чўлланишга қарши курашишга қаратилган минтақавий техник кўмак лойиҳаларидаги иштироки муҳокама қилинди.
Иқлим ўзгаришини кузатиш ва унинг оқибатларига мослашишда замонавий технологиялардан фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Жумладан, сунъий йўлдош маълумотлари ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда миллий иқлим маълумотлари платформасини яратиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашувда қиймати 112 миллион долларни ташкил этувчи “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳасини давом эттириш муҳимлиги ҳам таъкидланди.
Мазкур лойиҳа чиқиндиларни бошқариш тизимини модернизация қилиш ҳамда қарийб 4 миллион кишини чиқиндиларни йиғиш хизматлари билан қамраб олишни кенгайтиришга қаратилган.
Учрашув якунида истиқболли экологик лойиҳаларни ишлаб чиқиш, техник ва молиявий ресурсларни жалб этиш ҳамда аниқ натижаларга қаратилган ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувга эришилди.
Томонларнинг бу борадаги ҳамкорлиги Ўзбекистонда экологик муаммоларни ҳал этиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва “яшил” иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА