Жорий йилнинг 4-5 май кунлари Тбилиси шаҳрида Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 57 йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.
Тадбир доирасида инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев ва ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларлик 2025-2027 йилларга мўлжалланган дастурни амалга ошириш бўйича меморандумни имзолади.
Дастурда ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлган ва «Ўзбекистон – 2030» Стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ бўлган лойиҳалар ўрин олган.
Ўзбекистон 1995 йилда ОТБга аъзо бўлган. 1998 йилда ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилган. Ҳозирда ОТБ томонидан Ўзбекистон суверен портфелига тақдим этган маблағларнинг умумий ҳажми 12 миллиард долларга етган. Ўтган йили ОТБ 4 та суверен лойиҳа ва 2 та дастурга 6 та кредит ва 1 та грант ажратди.
ЎзА