Ўзбекистон ва Миср шериклиги янги босқичга чиқмоқда
Қоҳирада бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муҳим учрашувда икки томонлама алоқани чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Миср Араб Республикаси Бош вазири Мустафо Камол Мадбули ўртасида кечган самарали ва сермазмун мулоқот аввалида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисига йўллаган самимий саломи ва энг эзгу тилаклари юксак мамнуният билан етказилди.
Учрашув давомида кенг қамровли шерикликни янада ривожлантиришга оид долзарб масалалар атрофлича таҳлил қилинди. Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқани жадаллаштириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, транспорт-логистика йўналишларини такомиллаштириш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, маданий-гуманитар, таълим ва диний-маърифий соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш орқали икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашилди.
Музокара чоғида минтақавий ва халқаро кун тартибидаги муҳим масалалар ҳам диққат марказида бўлди. Халқаро сиёсат доирасида Ўзбекистон томони Мисрнинг Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақавий можароларни фақат сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш борасидаги қатъий ва самарали саъй-ҳаракатини юқори баҳолаши алоҳида таъкидланди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА