Ўзбекистон ва Миср: қўшма илмий дастурлар ташкил этишга эътибор қаратилди
Юртимизда маънавий меъросни авайлаш, илмий тадқиқот соҳаларида халқаро ҳамкорликни кучайтириш масалалари ўз самарасини бериб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департамент бошлиғи, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари ўринбосари, бош имом ўринбосари ва Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби Доктор Муҳаммад Абдурраҳмон ад-Дувайний билан учрашув ўтказди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги илмий тадқиқот соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ўзбекистонлик талабаларни Ал-Азҳарга қабул қилишни осонлаштириш мақсадида таълим, тарғибот, ўқитиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий дастурларни ташкил этишга эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, Имом Мотуридий илмий меросини биргаликда тадқиқ этиш, экстремизмга қарши курашда ўзаро тажриба алмашиш ва илмий анжуманлар ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотида.
Музокаралар якунида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича махсус ишчи гуруҳ хулосалари соҳа мутасаддиларига тақдим этилиши белгиланди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА