Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Малайзияда бўлиб турибди. Мазкур ташриф мамлакатимизнинг Малайзия билан ҳамкорлик алоқалари янада кенгайишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департаменти мудири Комил Эшпўлатов Малайзия билан кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик самаралари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Глобаллашув жараёни давлатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтирди. Зотан, мамлакат ривожи бир қанча омиллар қаторида дипломатик алоқалар ва хорижий ҳамкорликка ҳам боғлиқ. Шу боисдан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 92 - мақсадида анъанавий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш вазифаси қўйилган. Ўзбекистоннинг ана шундай ишончли ҳамкор давлатларидан бири – Малайзия.
Малайзия Ўзбекистоннинг мустақиллигини 1992 йилда биринчилардан бўлиб тан олган. Мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига яқинда 33 йил тўлади. Гарчи, Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги масофа 5 минг км.дан зиёд бўлса-да, бу географик олислик Ўзбекистон ва Малайзиянинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигига тўсиқ бўла олмади.
Президентимиз Ш.Мирзиёев бу мамлакатнинг салоҳиятига қуйидагича баҳо беради: “Малайзия нафақат Жануби - Шарқий Осиёда, балки бутун жаҳонда жадал тараққий этиб бораётган давлат, бизнинг вақт синовларидан ўтган ишончли ҳамкоримиздир. Ҳар икки мамлакатда миллий мустақиллик байрами бир санада – 31 август куни нишонланиши ҳам рамзий маънога эга”.
Дарҳақиқат, Жаҳон банкининг Doing Business (бизнес юритиш осонлиги бўйича) рейтингида Малайзия Норвегия, Швеция, Литвадан кейинги 12 - ўринни эгаллайди. Бу мамлакат ҳукумати дунёдаги энг инновацион ҳукуматлар “Топ-20”лигига киради.
Умумий дин, шарқона қадриятлар, муштарак урф-одатлар Ўзбекистон ва Малайзия халқларини яқинлаштирувчи маънавий пойдевор вазифасини ўтайди. Ҳатто, икки мамлакатнинг стратегик ҳужжатларида ҳам ўхшашлик бор: “Ўзбекистон – 2030” ва “Малайзия Мадани” стратегиялари жадал ривожланиш ва модернизацияга йўналтирилган.
2024 йил 17-19 май кунлари Ўзбекистон - Малайзия муносабатлари тарихининг янги саҳифаси очилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.
Сўнгги 16 йилда илк бор ўтказилган ушбу олий даражадаги ташриф икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилди. Ташриф кун тартибидан ўрин олган масалаларнинг сони ҳам кўп, салмоғи ҳам катта бўлди. Музокараларда икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқотни ривожлантириш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, инновациялар, саноат, “яшил” энергетика, нефть-кимё, электр техникаси ва электроника, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперация қилиш билан бир қаторда маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Жумладан, таълим дастурларини амалга ошириш, туризм ва маданий алмашинувни фаоллаштириш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Кўриниб турибдики, Малайзия билан Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятлар бор. Ана шундай ҳамкорлик йўналишларидан бири – давлат хизмати тизимини ривожлантириш билан боғлиқ. Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилган. Шу режанинг 28 - бандида Малайзия Техник ҳамкорлик дастури (MTCP) доирасида алоқаларни жадаллаштириш вазифаси белгиланган.
Малайзия Техник ҳамкорлик дастури 1980 йилда Малайзиянинг бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлигига ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган.
Бу дастур доирасида Малайзия ривожига доир илғор тажриба алмашиш ҳамда мамлакатлар ривожи учун муҳим соҳаларда таълим ва маслаҳатлар олиш имконияти яратилади. Малайзия Техник ҳамкорлик дастурининг бош тамойили – мамлакатнинг равнақи унинг инсон капитали ва инсон ресурслари сифатига боғлиқ. Шу боисдан, MTCP дастури доирасида таълим орқали инсон ресурсларини ривожлантиришга урғу берилади. Бу дастур доирасида ташкил этилаётган қисқа муддатли ўқув курсларида Ўзбекистондаги вазирлик ва ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этиб келмоқда.
MTCP доирасида алоқаларни жадаллаштириш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Ўзбекистон учун долзарб ўқув йўналишлари рўйхати шакллантирилди. Бунда, Малайзия университетлари томонидан турли йўналишларда таклиф қилинаётган дастурлар таҳлил қилинди ва таклифлар ишлаб чиқилди. Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистон давлат хизматчилари учун энергетика, ислом молияси, “ҳалол” саноати, экология, туризм, креатив иқтисодиёт, давлат бошқаруви ва инсон ресурсларини бошқариш каби соҳаларда тренинг ўтказишга эҳтиёж мавжудлиги ҳақида мутасаддиларга маълумот берилди. Бундай ёндашув ўзбекистонлик давлат хизматчилари учун Малайзияда стажировка ва тренинг дастурларини мақсадли ташкил қилиш ҳамда юқори сифатли таълим олиш имконини беради.
Бундан ташқари, Агентлик ҳамда Малайзия Бош вазири ҳузуридаги Давлат хизмати департаменти (ДХД) билан ҳамкорлик ўрнатиш борасида иш олиб борилмоқда. Шу мақсадда Агентлик томонидан икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Аҳдлашув декларацияси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Малайзия томонига тақдим этилди. Ушбу ҳужжатнинг имзоланиши давлат фуқаролик хизмати соҳасини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида икки мамлакат ваколатли органлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, муваффақиятли тажрибаларни ўрганиш, ўзаро ташрифлар ва қўшма илмий-амалий тадбирлар уюштиришга асос бўлиб хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Малайзия Давлат хизмати департаменти билан бир қанча йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Булар – давлат хизмати трансформацияси; давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш масалалари; давлат хизматида ассессмент марказлари фаолиятини йўлга қўйиш ва такомиллаштириш имкониятлари; давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш муаммолари; давлат хизматига ёш иқтидорларни жалб қилиш ва саралаб олиш тажрибаси.
Юқоридаги долзарб йўналишларга таянган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Малайзия Давлат хизмати департаменти вакилларининг ўзаро ташриф дастурларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Айни пайтда Ўзбекистонда ҳам Малайзия учун фойдали бўладиган тажриба ва механизмлар мавжуд. Масалан, Ўзбекистон давлат фуқаролик хизмати тизимида жорий этилган рақамли тизимларни олайлик. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда давлат фуқаролик хизматида инсон ресурсларини бошқаришнинг электрон тизими (hrm.argos.uz), давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш (samaradorlik.uz) тизими ҳамда уларнинг мобил иловалари (myargos.uz) ишлаб чиқилган. Мазкур рақамли маҳсулотлар маъмурий ҳамда молиявий ресурсларни тежашга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, 2025 йил июнда Самарқанд шаҳрида БМТ Давлат хизмати форумини ўтказиш режалаштирилган. Малайзия Давлат хизмати департаменти вакилларининг мазкур халқаро форумда иштироки ушбу анжуманнинг савиясини янада оширади. Давлат хизматини ривожлантириш, инсон ресурсларини бошқариш, рақамлаштириш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ютуқлар билан Малайзия томонини хабардор этиш келгусида ҳамкорлик истиқболларини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Умуман, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Малайзия Бош вазири ҳузуридаги Давлат хизмати департаменти ўртасидаги қалин муносабатлар икки давлат ўртасидаги дўстона, кенг қамровли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка янги мазмун бағишлашига ишончимиз комил.
ЎзА мухбири
Н.Абдураимова
ёзиб олди.