Ўзбекистон ва Корея: савдо-иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга чиқади
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Корея импортчилари ассоциацияси (KOIMA) раиси Юн Ён Ми билан учрашди.
Ўзаро мулоқотда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда миллий маҳсулотларни Жанубий Корея бозорига экспорт қилиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини Кореянинг йирик савдо тармоқларига кенг жалб этиш, шунингдек, маҳаллий экспортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор қаратилди.

Икки давлат ўртасида эркин савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва имзолаш истиқболлари ҳамда унинг ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишдаги ўрни кўриб чиқилди.
Маҳаллий экспортчилар учун логистика харажатларини қоплаш механизмларини жорий этиш ва кореялик компаниялар билан қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш эътибор марказида бўлди.
Музокаралар якунида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, тегишли вазирлик ва идораларнинг ўзаро маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш ҳамда амалий таклифлар ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Н. Абдураимова, ЎзА