Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги стратегик шериклик янги мазмун ва кўлам касб этаётгани эътироф этилди
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери Чо Чон Шик таклифига биноан расмий ташриф билан Корея Республикасида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Корея Республикаси Президенти Ли Чже Мён билан учрашди.
Корея Президенти яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган музокаралар натижаларини юксак баҳолади. Давлат раҳбарларининг ўзаро ишончи ва сиёсий иродаси туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик янги мазмун ва кўлам касб этаётгани таъкидланди.
Мулоқот давомида қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, инновацион ва технологик альянсни ривожлантириш, янги саноат қувватларини яратиш ва ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таълим, тиббиёт, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ёшлар ва илмий доиралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Т.Норбоева бу борада зарур қонунчилик асосларини такомиллаштириш ва таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Парламентларнинг фаол иштироки қўшма ташаббусларнинг амалий ижросини жадаллаштиришга, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

***
Корея Республикасига расмий ташриф доирасида делегация аъзолари «Seoul Startup Hub Gongdeok» маркази раҳбари Ким Чон У билан учрашди.
Ким Чон У Ўзбекистонда стартапларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими, малакали IT-кадрлар салоҳияти ва хорижий компаниялар учун яратилган шароитларни юқори баҳолади.

Суҳбат давомида ўзбекистонлик стартапларни кореялик инвесторлар билан боғлаш ва қўшма технологик лойиҳаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Ёшларнинг 2027 йилда ўтказиладиган «Try Everything» халқаро стартаплар фестивалида иштирокини ташкил этиш ҳамда кореялик жамоаларни «Land of Startups» танловига жалб қилиш ташаббуслари илгари сурилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё технологик бозорига кириш учун ишончли ҳамкор бўла олиши алоҳида қайд этилди. Бу ҳамкорлик ёшлар учун янги инвестициялар ва халқаро имкониятлар эшигини очади.
Н.Абдураимова,
ЎзА