Ўзбекистон ва Корея ўртасида санъат соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Корея Республикасида «Ўзбекистон маданияти кунлари» доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяда таҳсил олаётган, юртимиз маданияти, санъати ва она тилини тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган иқтидорли ўзбекистонлик ёшлар билан учрашди.

Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган мулоқот давомида ёшларнинг фикр ва таклифлари тингланиб, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижодий ва илмий фаолияти учун янги имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Жанубий Корея кино соҳасида муайян ютуқларга эришаётган ёш актёр ва бошловчи Нуриддин Аҳмедов ҳам иштирок этди. У Netflix, Disney ва Amazon платформаларидаги лойиҳаларда турли ролларни ижро этган ўзбекистонлик актёрлардан бири сифатида ўз тажрибаси ва таклифлари билан ўртоқлашди. Нуриддин Аҳмедов Ўзбекистонда кино санъатига қаратилаётган эътиборни алоҳида эътироф этиб, юртимиз тарихи ва миллий қадриятларига бағишланган фильмларни суратга олиш лойиҳаларида иштирок этишга тайёр эканини билдирди.

Шунингдек, Jeonbuk National University докторанти, «Турон» ўзбек миллий-этник фольклор ансамбли раҳбари Нуриддин Бозоров ҳам ўз фикр ва таклифларини билдирди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда ансамбль фаолиятида нафақат ўзбекистонлик, балки кореялик ёшлар ҳам фаол иштирок этиб, ўзбек миллий мусиқаси ва мақом намуналарини катта қизиқиш ва маҳорат билан ижро этмоқда. Нуриддин Бозоров Жанубий Кореяда ўзбек диаспораси кўп истиқомат қиладиган ҳудудлардан бирида Ўзбек маданияти марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Baekseok University магистранти, маданий туризм йўналиши мутахассиси Диловар Тожибоева эса ўзбек халқи маданияти ва санъатини кенг тарғиб қилишга хизмат қиладиган Ўзбек – Корея маданияти ва санъати жамиятини ташкил этиш таклифини билдирди.
Мулоқот давомида ёшларнинг хориждаги фаолияти, миллий маданият ва санъатни тарғиб этишга оид ташаббуслари, шунингдек, келгусидаги лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир вазир Озодбек Назарбеков ҳамда Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ўзбек ва корейс ёшларидан ташкил топган «Турон» фольклор ансамблининг ижодий чиқиши билан якунланди.
Айтиш керакки, Жанубий Кореяда ўтказилаётган «Ўзбекистон маданияти кунлари» бу гал нафақат концерт ва томоша тадбирлари, балки таълим, илм-фан, санъат, ёшлар ва маданий дипломатия йўналишларини қамраб олган кенг кўламли мулоқот майдонига айланмоқда.

Маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликнинг таълим ва ёшлар билан уйғунлашиши икки мамлакат ўртасидаги алоқаларга янги мазмун бағишламоқда. Олий таълим муассасалари ўртасида меморандумларнинг имзоланиши, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви бўйича келишувларга эришилиши, шунингдек, хорижда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан бевосита мулоқотларнинг йўлга қўйилиши бу жараённинг муҳим йўналишларидан биридир.
Маданият халқларнинг маънавий хотирасини асрабгина қолмай, уларнинг келажагини ҳам бир-бирига боғлайди. Шу маънода, бугунги мулоқотлар миллий санъатимизни халқаро майдонда кенг тарғиб этиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва янги ижодий лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим имкониятлар яратмоқда.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири