Ўзбекистон ва Испания университетлари ректорлари биринчи форуми ташкил этилди
Куни кеча Испаниянинг Мадрид шаҳридаги "Rey Xuan Karlos" университетида Ўзбекистон – Испания университетлари ректорлари биринчи форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали маросимни мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фаррух Турсунов, Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети ректори Комилжон Каримов, Испания Таълимни халқаро даражада ривожлантириш хизмати (SEPIE) вакиллари ҳамда "Rey Xuan Karlos" университети раҳбари очиб берди.


Анжуманда олий таълим, илм-фан ва академик алмашинув йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилиниб, ўзаро алоқани мустаҳкамлаш ҳамда янги қўшма лойиҳалар йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон томонидан 38 нафар олий таълим муассасаси вакиллари форум доирасида қатор тадбир ва учрашувларда иштирок этмоқда.
Йиғилиш, учрашув ва музокараларда икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида янги ҳамкорлик алоқалари ўрнатиб, истиқболли лойиҳалар амалга ошириш зарурлиги маъқулланди.

Мадрид ва Барселона шаҳарларида олий ўқув юртлари раҳбарлари, таълим ташкилотлари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирокида ўтказилаётган мазкур халқаро форум 13 июнга қадар давом этади.
Г.Сатторова, ЎзА