Ўзбекистон ва Хитой: транспорт-логистика соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, замонавий логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ вакиллари Транспорт вазирлиги бошчилигидаги делегация таркибида Хитойнинг Урумчи шаҳрида хизмат сафарида бўлди.
Ташриф давомида делегация транспорт-логистика инфратузилмаси объектлари, соҳада жорий этилган замонавий технологиялар ҳамда Урумчи эркин савдо зонаси имкониятлари билан танишди.
Шунингдек, Хитойнинг йирик логистика компанияларидан бири “Xinjiang Commercial Logistics” вакиллари билан учрашув ўтказилди. Музокараларда логистика марказида юкларни консолидация қилиш, истиқболли қўшма инвестиция ва логистика лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантиришга хизмат қиладиган замонавий омбор инфратузилмасини ташкил этиш, шунингдек, Хитой маҳсулотларини “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ логистика марказларида вақтинча сақлаш ва реализация қилиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати маълумотига кўра, томонлар транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мулоқотларни давом эттиришга тайёр эканини билдирган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА