Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида Хитой тадбиркорларининг Ўзбекистондаги Ассоциацияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур Ассоциация 2019 йилда юртимизда давлат рўйхатидан ўтказилган эди. Ассоциациянинг мақсади Ўзбекистон-Хитой тадбиркорлари ўртасида экспорт-импорт ҳамкорлигини ривожлантириш, ишбилармонлик муносабатларини яхшилашдан иборат.
Кенгашда бўлиб ўтган учрашувда ҳам Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Т.Сатторов, Хитой тадбиркорларининг Ўзбекистондаги Ассоциацияси раиси Ли Ю қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш борасидаги ишларни кенг муҳокама қилди.
Делегация таркибида ташриф буюрган хитойлик тадбиркорлар ўз фаолияти акс этган тақдимотлари орқали кўплаб маълумотлар берди. Қуёш ва шамол энергия станциялари, сув тежовчи ва томчилатиб суғориш тизимлари, кимёвий ва биологик фаол препаратлар, паррандачилик ва қорамолчилик, тупроқсиз кўчат етиштириш жараёнлари шулар жумласидандир.
Маълумки, Хитойда логистика парки, қўзиқорин етиштириш, ҳўл зиравор ва турли гуллар етиштириш каби ёрдамчи тармоқлар жуда яхши ривожланган. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакилларига ҳамкорлик таклифлари орасида қўзиқорин ва жавдар буғдой етиштиришнинг инновацион усуллари, қуёш ва шамол энергия станциялари каби йўналишлар маъқул бўлди. Ушбу тармоқларда ҳамкорлик масалалари келишиб олинди. Бу йўналишлардаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари юртимизда ҳам мазкур тармоқларни янада ривожлантириш имконини яратади.
М.Комилова, ЎзА