Ўзбекистон ва Хитой ўртасида маданий-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш муҳокама этилди
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги делегация ҳамда Хитой томони вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида кино саноати, кўнгилочар индустрия, медиа, инвестиция ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хитой делегацияси таркибида Хитой давлат медиа гуруҳи «Голи» президенти Дин Сяоцян, «Tszinchen Kabel» компанияси президенти Ли Цзюн, Шандонг шоссе гуруҳининг минтақавий директори Дун Чицян ҳамда Осиё-Европа халқаро инвестиция консалтинг компанияси президенти Эли Али иштирок этди.

Мулоқот давомида кино саноатидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма кинолойиҳаларни амалга ошириш, фильмлар ишлаб чиқариш бўйича тажриба алмашиш ҳамда кўнгилочар индустрия соҳасида янги ҳамкорлик йўналишларини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, медиа соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш, ижодий алоқаларни кенгайтириш, икки мамлакатнинг маданий салоҳияти ва миллий қадриятларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш соҳасидаги мавжуд имкониятларни ўрганиш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Мулоқот якунида томонлар истиқболли ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш ва Ўзбекистон ҳамда Хитой ўртасидаги маданий-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Н.Усмонова,
ЎзА