Ўзбекистон ва Хитой доривор ўсимликлар соҳасида ҳамкорликни кучайтиради
Тошкент кимё-технология институтида доривор ўсимликлар етиштириш мавзусига бағишланган халқаро симпозиум бошланди.
Ўзбекистон ва Хитой мутахассислари ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур анжуманда турли давлатлардан олим, мутахассис ва экспертлар иштирок этмоқда.
Тадбир очилишида сўзга чиққанлар – институт раҳбарияти, Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталари масъуллари форум кун тартибидан илм-фан, фармацевтика ва биотехнология соҳасига инновацион ёндашувни қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқот жараёнини амалиёт билан уйғунлаштириш каби муҳим масалалар ўрин олганини қайд этдилар.
[gallery-30004]
Таъкидланганидек, доривор ўсимликлардан самарали фойдаланиш аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экология барқарорлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
Симпозиумнинг биринчи куни тўрт гуруҳга бўлинган шўъба йиғилишларида “Доривор ўсимликлар биохилма-хиллиги, генфонди ва замонавий агротехнологиялар”, “Доривор ўсимликлар фитокимёси, биотрансформацияси ва хом ашёни чуқур қайта ишлаш”, “Фармакология, тиббиёт ҳамда озиқ-овқат саноатида доривор ўсимликлардан фойдаланишга оид долзарб масалалар”, “Фитоиндустрия иқтисодиёти, маркетинг ва халқаро ҳамкорлик истиқболи” каби мавзулар муҳокама қилиняпти.
Дилшод Ҳакимов,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА