Ўзбекистон ва Хитой сўнгги йилларда электротехника ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорликни изчил ривожлантириб келмоқда. Айниқса, дисплей технологиялари, электрон компонентлар ишлаб чиқариш ва технологик трансфер йўналишлари икки мамлакат саноати ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Бу йўналишдаги истиқболли ҳамкорликнинг навбатдаги қадами сифатида Хитойнинг Шанхай шаҳрида ўтаётган “Shanghai International Display Innovation Expo - 2025” халқаро кўргазмаси алоҳида аҳамият касб этади.

Ушбу нуфузли тадбирда дунё дисплей технологиялари соҳасидаги илғор ишланмалар, замонавий ечимлар ва ҳамкорлик имкониятлари намойиш этилмоқда. Кўргазмада Ўзбекистондан “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Кўргазма доирасида уюшма раиси Мирзиёд Юнусов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хитойнинг оптоэлектроника саноати вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Хусусан, KODA - Хитой оптоэлектроникчилар уюшмаси раҳбарияти билан мулоқотда ўзаро ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилиниб, Ўзбекистонда дисплей панелларини ишлаб чиқариш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек, делегация дисплей ва электрон компонентлар ишлаб чиқариш бўйича етакчи компаниялар бўлган TCL ва HKC билан бирламчи музокаралар олиб борди. Суҳбат чоғида потенциал инвестиция лойиҳалари, технологик трансфер ва қўшма ишлаб чиқариш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Уюшма ахборот хизматининг қайд этишича, мазкур ташриф натижасида электротехника саноатида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, янги иш ўринларини яратиш ва миллий экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган истиқболли ташаббуслар амалга оширилиши кўзда тутилган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА