Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида туристик оқим оширилади
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Санжар Тожиевнинг мамлакатимизга Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрган Ҳиндистон туризм бизнеси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида хорижий меҳмонларга Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳияти, тарихий-маданий мероси, замонавий туризм инфратузилмаси ҳамда сайёҳлар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки томонлама туристик оқимни ошириш, янги туристик маҳсулотларни шакллантириш ва юртимизнинг туристик имкониятларини Ҳиндистон бозорида кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Ҳиндистон туризм бизнеси вакиллари мамлакатимиздаги тарихий обидалар, маданий мерос, миллий таомлар, зиёрат туризми ҳамда бошқа туристик йўналишларга катта қизиқиш билдирди.
Якунда Ўзбекистон туризмини Ҳиндистонда тарғиб қилиш ва мамлакатимизга туристлар оқимини оширишга қўшаётган ҳиссаси учун Ҳиндистон туризм бизнеси вакилларига ташаккур сертификатлари топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси томонидан истиқболли туристик бозорларда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва давлатлар ўртасидаги туристик алмашинувни янада кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА