Ўзбекистон ва Грузия: жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик кучайтирилади
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Грузия Ички ишлар вазири Гела Геладзе бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Томонлар икки мамлакат ички ишлар вазирликлари ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётганлигини эътироф этиб, трансмиллий жиноятларга, шу жумладан, наркожиноятлар ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, бу жараёнда вазирликлар ўртасида ахборот ва ўзаро тажриба алмашишни янги босқичга кўтариш заруратига эътибор қаратди.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши кибержиноятчиликка қарши самарали курашиш масаласида бўлиб, бу борада икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш ва кадрлар тайёрлаш жараёнида билим ва кўникмалар билан ўртоқлашиш муҳим эканлиги таъкидланди.

Тадбирда терроризм ва экстремизм, одам савдоси, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ҳамда бошқа турдаги трансмиллий жиноятларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш, кибержиноятларга қарши курашиш ва рақамли криминалистика йўналишида ички ишлар органлари ходимлари учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш, вазирлик таркибидаги ўқув муассасалари билан Грузия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таълим даргоҳлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида истиқболли вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир якунида Ўзбекистон ва Грузия ички ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Тадбир давомида грузиялик ҳамкорлар Ички ишлар вазирлиги фаолияти билан яқиндан танишиб, замонавий махсус техника ва воситалар тақдимотида қатнашди.
Меҳмонлар Ички ишлар вазирлиги академияси ва Тошкент шаҳар ИИББ фаолиятини ўрганиш ҳамда пойтахтимизнинг туристик объектларида хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот олди.
Н.Абдураимова, ЎзА