Ўзбекистон ва Google Cloud: рақамли ривожланиш йўлида янги имкониятлар
Рақамли технологиялар вазири Google Cloud вакили билан учрашди. Музокараларда Ўзбекистонда давлат бошқарувида булутли технологияларни жорий этиш ва рақамли трансформацияни жадаллаштириш йўллари муҳокама қилинди.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Google Cloud компаниясининг давлат сиёсати ва давлат ташкилотлари билан алоқалар йўналиши раҳбари Марчин Красуски билан мулоқот қилди.
Учрашувда рақамли технологияларни мамлакатимиз ҳаётига кенг жорий этиш, давлат бошқарувини замонавий ечимлар асосида такомиллаштириш ҳамда давлат ташкилотлари фаолиятида булутли технологиялардан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда рақамли технологиялар нафақат ахборот алмашинувини тезлаштириш, балки давлат хизматларини янада қулай, самарали ва тезкор ташкил этишда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Шу нуқтаи назардан, Google Cloud компаниясининг халқаро тажрибаси ва технологик имкониятларидан фойдаланиш Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Мулоқот давомида мамлакатимизда рақамли инфратузилмани ривожлантириш, замонавий булутли ечимларни давлат ташкилотлари фаолиятига татбиқ этиш ҳамда ушбу йўналишдаги истиқболли ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро мулоқотни давом эттириш ва муҳокама қилинган йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА