
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда Германия тараққиёт банкининг (KfW) Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бошқарувчиси Йонас Ратфельдер бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, хусусан, иқтисодий соҳалардаги шерикликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, учрашувда кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлик субъектларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай молиявий шароитларни яратиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шу билан бирга, суҳбатда мамлакатдаги иқтисодий ўсиш жараёнлари, қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда капитал ва молия бозорларини ривожлантириш йўналишлари ҳам муҳокама этилди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, Германиянинг “KfW” банки давлат ривожлантириш банкларидан бири бўлиб, у иқтисодий тараққиёт, ижтимоий барқарорлик ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида молиялаштириш хизматларини тақдим этади. Мазкур банк ривожланаётган давлатларга энергетика, иқлим, сув таъминоти, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида молиявий кўмак кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, банк БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (SDGs) ҳисса қўшишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Учрашув доирасида “Микро, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш” лойиҳасининг 3-фазаси бўйича 23,5 миллион евро миқдорида кредит ҳамда 3 миллион евро грант маблағларини жалб қилиш юзасидан битим имзоланди.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳа орқали Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес субъектларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, уларнинг молиявий ресурсларга ва замонавий билимларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш орқали иқтисодий ўсишга ва аҳоли бандлигини таъминлашга эришиш кўзда тутилган.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, юқорида қайд этилган йўналишлардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва фикр алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА