Ўзбекистон ва ЕХҲТ: ҳамкорликнинг амалий йўналишлари юқори баҳоланди
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Бош котиби Феридун Синирлиўғлу билан учрашди.
Унда Ўзбекистонда Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, давлат институтларини мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик сиёсатини изчил ривожлантириш ҳамда Марказий Осиёда барқарор ва ўзаро ишончга асосланган муҳитни шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати ва унинг амалий йўналишлари юқори баҳоланди.

ЕХҲТ томонидан мамлакатимиздаги демократик янгиланишлар ва очиқ минтақавий сиёсат қўллаб-қувватланаётгани қайд этилди.
Олий Мажлиснинг ЕХҲТ билан ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳи фаолияти алоҳида қайд этилди. Мазкур формат барқарор парламентлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда ЕХҲТ билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг муҳим механизми сифатида баҳоланди.
Томонлар парламент тузилмалари, эксперт платформалари ва қўшма тадбирлар орқали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА