Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Александр Лукашенко “Амирсой” тоғ дам олиш масканига ташриф буюрдилар.
Кеча Тошкентда бўлиб ўтган музокараларда давлат раҳбарлари маданий-гуманитар йўналишда, шу жумладан спорт ва туризм соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олдилар. Олий даражадаги учрашувлар якунида бошқа ҳужжатлар қаторида 2024-2025 йилларда Спорт соҳасида ҳамкорлик бўйича дастур ва Туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси имзоланган эди.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда спорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилди. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Амирсой” тоғ дам олиш маскани шулар жумласидан. Охирги уч йилда бу ерга 4 миллионга яқин сайёҳ келган.
Жаҳон даражасидаги ҳар мавсумга мос ушбу мажмуага ташриф давомида давлат раҳбарлари спортчилар ва сайёҳлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар, икки мамлакат ўртасидаги туризм алмашинувини кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.
Етакчилар самимий мулоқотни тоғ-чанғи трассасида давом эттириб, биргаликда чанғи учдилар.