Ўзбекистон ва БАА молиявий алоқалар мустаҳкамланишидан манфаатдор
БАА молия вазири Муҳаммад бин Ҳоди Ал-Ҳусайний Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров билан онлайн учрашув ўтказди, деб хабар берган "WAM" ахборот агентлиги.
Мақолада томонлар молия секторидаги шерикликни кучайтириш йўлларини муҳокама қилгани, ҳар икки давлатда қизиқиш уйғотадиган соҳалар ўрганилгани келтирилган.
Ал-Ҳусайний ўзаро алоқаларнинг жорий ҳолатига юқори баҳо бериб, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимиз эришаётган ютуқларни алоҳида таъкидлаган.

Расмийлар ўтган йил ноябрь ойида ҳукуматимиз делегациясининг БАА Молия вазирлигига молия, банк иши ва инвестиция соҳаларида тажриба ҳамда билим алмашишга қаратилган "Молиявий етакчилик дастури” доирасида амалга оширган ташрифидан сўнг ҳамкорликни ривожлантириш имконияти сезиларли даражада кенгайганини қайд этди.
Ҳамкор давлат мулозими республикамиз билан алоқаларни янада чуқурлаштиришга қизиқиш билдираркан, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ҳар икки давлат тараққиётига, халқларимиз фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, у давлат-хусусий шериклик дастури доирасида эришган ютуқларимизни ҳам эътироф этиб, бундай ривожланиш жараёнини яқин ҳамкорлик ёрдамида давом эттиришга ҳамда икки давлатнинг барқарор тараққиёти учун янги имкониятлар излашга умид билдирди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА