Ўзбекистон ва Австрия: ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган
Олий Мажлис Сенатида “Ўзбекистон - Австрия” ва “Австрия - Ўзбекистон” ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳларнинг учрашуви ташкил этилди.
Онлайн шаклда ўтказилган мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, ушбу ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари асосида тараққий этаётгани алоҳида таъкидланди.

Учрашув чоғида парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Хусусан, парламентлараро гуруҳлар фаолияти самарадорлигини ошириш, парламент назорати механизмларини такомиллаштириш ҳамда бу борада ўзаро тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Қонун ижодкорлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш ва парламентлараро мулоқотни янги мазмун билан бойитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасида савдо, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, экология, “яшил” энергетика, экологик стандартларни ривожлантириш, шунингдек, таълим ва гуманитар йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА