Америка Қўшма Штатлари пойтахти Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Америка Миллий стандартлар институти (ANSI) вице-президентлари Жозеф Третлер ва Мери Саундерс билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур учрашувда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида стандартлаштириш ҳамда аккредитация соҳаларидаги ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув давомида стандартлаштириш ва аккредитация соҳасида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, миллий техник қўмиталар фаолиятини такомиллаштириш, Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) ҳамда Халқаро электроника комиссияси (IEC) техник қўмиталарида Ўзбекистон иштирокини янада жадаллаштириш, халқаро стандартларни миллий амалиётга жорий этиш, шунингдек, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
АҚШ томони Ўзбекистоннинг “C5+1” формати доирасида Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликдаги фаол иштироки, ISO ва IEC доирасидаги саъй-ҳаракатлари, Глобал сифат инфратузилмаси индексида мамлакат рейтинги 52-поғонага кўтарилгани, соҳага рақамлаштириш жараёнлари изчил жорий этилаётгани ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнларининг фаоллашганини ижобий баҳолади.

Шунингдек, Ўзбекистон стандартлар институти тузилмасидаги Савдодаги техник тўсиқлар бўйича ахборот маркази фаолиятини такомиллаштириш, рақамли ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, мутахассисларни АҚШда тажриба оширишга юбориш, миллий қонунчиликни ЖСТ битимлари ва меъёрларига мувофиқлаштириш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш ҳамда АҚШ бозорига чиқишда стандарт талаблари бўйича тренинг ва семинарлар ўтказиш юзасидан келишувларга эришилди.
Учрашув якунида Америка Миллий стандартлар институти (ANSI) ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ўртасида стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик дастури имзоланди.
Маълумот учун: Америка Миллий стандартлар институти 1918 йилда ташкил этилган бўлиб, халқаро стандартлаштириш тизимида етакчи ўрин тутади. ANSI ISO доирасидаги 560 та техник қўмита фаолиятида тўлақонли аъзо, 8 та техник қўмитада кузатувчи сифатида иштирок этади ҳамда 93 та техник секретариатни бошқаради. Глобал сифат инфратузилмаси индексига кўра, АҚШ 186 та давлат орасида иккинчи ўринни эгаллаб, метролoгия ва аккредитация йўналишларида етакчи позицияларни қайд этган.
ЎзА