Ўзбекистон ва AҚШ муносабатларида янги давр
Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни мустаҳкамланиб боряпти. Айни жиҳат C5+1 форматидаги учрашувлар ва AҚШ делегацияси билан юқори даражадаги музокараларда яна бир бор намоён бўлди.
Президентимизнинг Давлат котиби Марко Рубио билан учрашуви ҳар томонлама манфаатлидир. Ҳамкорлик соҳалари рўйхати анча кенгайган. Сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестиция, инновация ва технология, таълим ва маданият асосий йўналишлар сифатида белгиланган. Икки мамлакат парламентлари ва ёндош идоралари бевосита муносабат ўрнатмоқда. Ишбилармонлар ва олимлар ўртасидаги кўприк мустаҳкам. Хавфсизлик соҳасидаги шериклик терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик ва ноқонуний миграцияга қарши кураш каби оғриқли нуқталарга қаратилгани аҳамиятли.
– Ўзбекистон ва AҚШ ўртасида кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти йўлга қўйилгани икки томонлама муносабатни ривожлантиришда муҳим қадамдир, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик университети Иқтисодиёт ва менежмент кафедраси катта ўқитувчиси Шоҳруҳ Мардонов. – Қатор ҳужжатлар, жумладан коинотни тинч мақсадда ўзлаштиришга қаратилган “Aртемида” битими имзолангани айни муддао. Яқин-яқингача дунё бизни асосан пахта, олтин ва қадимий шаҳарлар орқали танирди. Энди эса коинот ҳақидаги халқаро келишувларга имзо чекяпмиз. Тўғри, бу дарров ракета учириш дегани эмас, балки мамлакат қандай давралардан ўрин эгаллаётганини кўрсатадиган муҳим белги.

Сиёсий баёнот қанчалик чиройли бўлмасин, ҳақиқий аҳволни рақамлар тасдиқлайди. Йил бошидан буён икки мамлакат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 35 фоиз оширган. Ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг биргина йиғилишида 12 миллиард долларлик янги келишувларга эришилди.
Иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасидаги лойиҳалар фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, кончилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва молия соҳаларини қамраб олган. Тегишли рўйхатга қараб, шериклик бир неча тармоқ билан чекланмаётгани, иқтисодиётнинг деярли бутун танасига томир отаётганини кўриш мумкин.
Эътиборли жиҳати шундаки, ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки ижтимоий соҳада ҳам тараққий этмоқда. Тошкентда “Webster” университети, Aмерика технологиялар университети ва Колорадо кончилик мактаби лаёқат маркази фаолият юритмоқда. Мамлакатимизга келаётган америкалик сайёҳлар сони йил сайин кўпаймоқда.
Мулоқотлар давомида томонлар келажак учун ҳам режа тузди. Стратегик аҳамиятга эга муҳим минераллар, энергетика, транспорт, сунъий интеллект ва рақамли технология кейинги йиллар учун асосий йўналишлар сифатида белгиланди. Ҳудудлар аро алоқа ва ишбилармон делегациялар ўзаро ташрифига урғу берилди. Бу жуда тўғри қарор. Зеро, жараённи фақат пойтахт эмас, вилоятлар ҳам ҳис қилиши зарур.
Ер ости бойлигини хом ҳолда сотиш осон. Aшёни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантириш эса иш ўрни, малака, солиқ тушуми, технология ва юқори қўшилган қиймат демакдир. Ўзбекистон кўп йил биринчи йўлдан юрди. Ҳозир иккинчиси танлангани аён.
Республикамизнинг темир йўл инфратузилмаси ва транзит салоҳияти ўсиб боряпти. Денгизга чиқиш йўли бўлмаган мамлакат учун темир йўл шунчаки транспорт тури эмас, ташқи дунёга очилган эшик. Шу боис локомотив захирасини янгилаш ва кенгайтириш масаласи кун тартибидаги долзарб банд.
Шоҳруҳ Мардоновнинг сўзларига кўра, муҳокама этилган мавзу эътиборга лойиқ. Локомотив Aмерика молия институтлари кўмагида узоқ муддатли сервис хизмати билан бирга етказиб берилиши режалаштирилди. Бундан ташқари юртимизда техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, бутловчи қисм ишлаб чиқариш ва мутахассис тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бошқача айтганда, гап техникани фақат сотиб олиш эмас, балки ўзимизда сақлаш ва таъмирлаш кўникмасини шакллантириш ҳақида кетяпти.
Тоғ-кон корхоналари техникасига хизмат кўрсатиш маркази ташкил этиш ва дизель-генератор қурилмаси бўйича ҳамкорлик мавзуси ҳам кўтарилди. Яна минераллар мавзусига қайтамиз: кон бор жойда техника бор, техника бор жойда эса хизмат керак.
Давлатимиз раҳбари “Franklin Templeton” компанияси президенти ва бош ижрочи директори Женни Жонсонни қабул қилганда мазкур компания билан ҳамкорликнинг асосий мавзуси сифатида йирик давлат корхоналарини трансформация қилиш масаласи ҳамда шундай ишларнинг дастлабки самараси таҳлил қилинди.
Миллий инвестиция жамғармаси акцияси Лондон ва Тошкент биржасига жойлаштирилди. Бу – мамлакатимиз тарихидаги илк халқаро IPO. Натижада қарийб 700 миллион доллар жалб этилди, талаб таклифдан тўрт баробар кўпроқ ошди. Молия тилида айни ҳолат хорижий инвесторлар давлатимизга ишонаётгани, шу ишонч учун пул тўлашга тайёрлигини англатади.
Жамғарма кўмагида муайян компанияларни трансформация қилиш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш, хизмат сифати ва ишончлилигини яхшилаш кўзда тутилган. Энди акция жойлаштириш жараёнида оддий фуқаролар иштирокини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Aгар режа амалга ошса, йирик корхоналар эгалари қатори оддий ўқитувчи, шифокор ёки деҳқон ҳам ҳиссадорга айланади. Демак, иқтисодий ислоҳот мевасини янада кўпроқ оддий одамлар ҳис этади.
Гўзал Сатторова,
ЎзА