Ўзбекистон ва Афғонистон учун манфаатли бўлган бизнес учрашув ташкил этилди
Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрида Ўзбекистон пахта навларини етиштириш ва янги агротизимни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ҳамда Мозори-Шариф вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ўртасида икки давлат учун манфаатли бўлган бизнес учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистоннинг Мозори-Шариф шаҳридаги Бош консули Жафар Фаттаев ҳамда Ўзбекистонда антидрон воситаларини ишлаб чиқарувчи “Electronic Autonomous Solutions” компанияси раҳбарияти ҳам қатнашди.
Суҳбат давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, юқори технологияли ишланмалар ва қўшма лойиҳалар билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Хусусан, Афғонистонда 100 гектар майдонда Ўзбекистон пахта навларини экиш, фермерлар учун пахта етиштиришнинг янги тизимини жорий этиш ҳамда мазкур йўналишда тажриба алмашиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА