Ўзбекистон университетлари дипломлари халқаро миқёсда тан олинишига йўл очилди
Лондон шаҳрида ўтган “Education World Forum – 2026” доирасида олий таълимда сифатни таъминлаш соҳасидаги энг йирик халқаро тармоқлардан бири — INQAAHE (International Network for Quality Assurance Agencies in Higher Education)га Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги тўлиқ аъзо бўлди.
Мазкур аъзолик Ўзбекистон миллий аккредитация тизимининг халқаро стандартларга мувофиқлигини англатади.
INQAAHEга тўлиқ аъзолик бир қатор имкониятларни кенгайтиради.
Хусусан, аккредитациядан ўтган олий таълим муассасалари дипломларининг халқаро миқёсда тан олиниши кучаяди, битирувчиларнинг хорижда таълим ва меҳнат фаолиятини давом эттириш имкониятлари кенгаяди. Бундан ташқари, давлат аккредитацияси натижаларининг халқаро даражада эътироф этилиши ортади, олийгоҳларнинг халқаро рейтинглар, аккредитация жараёнлари ва грант дастурларида иштирок этиши енгиллашади.
Шунингдек, етакчи хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурлари, икки дипломли дастурлар ҳамда талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви кўлами кенгаяди.
Аккредитация жараёнларига INQAAHE тармоғи орқали юқори малакали халқаро экспертларни жалб этиш имконияти яратилади, бу эса давлат аккредитацияси сифатини янада оширади.
Миллий экспертлар малакасини ошириш ва халқаро тажрибани тизимли ўрганиш имкониятлари кенгаяди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА