Ўзбекистон – Туркманистон: Яхши қўшничиликдан стратегик шериклик сари
Марказий Осиё минтақавий дипломатиясининг ажралмас бўлаги саналган Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатлари бугунги кунда оддий қўшничиликдан стратегик шериклик сари ривожланмоқда. Қайд этиш жоиз, икки мамлакатни умумий чегара, Амударё ҳавзаси, тарихий савдо йўллари, қардошлик риштаси, маданий яқинлик, энергетика ва транспорт манфаати, энг муҳими минтақавий тинчлик ва барқарорлик йўлидаги умумий масъулият бирлаштириб туради. Шу жиҳатдан Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлиги нафақат икки томонлама муносабат, балки бутун Марказий Осиёда ўзаро ишонч, барқарорлик ва амалий интеграция жараёнининг муҳим кўрсаткичидир.
Дарҳақиқат, бугун Тошкент ва Ашхобод мулоқоти янги босқичга кўтарилиб, шериклик мазмуни амалий тус олди. Савдо ҳажмини ошириш, чегара олди ҳудудларини иқтисодий жиҳатдан фаоллаштириш, транспорт йўлакларини кўпайтириш, энергетика ва сув хўжалигида мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш, маданий-гуманитар алмашинувни кучайтириш кун тартиби марказига чиққан. 2017 йил 6 мартда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартнома эришилаётган ютуқлар асносида тизимли, узоқ муддатли ва кўп қиррали шериклик даражасидаги мулоқот асосини шакллантирди, десак муболаға бўлмайди.
Ўзаро муносабатнинг асосий таянчи – олий даражадаги сиёсий ишончдир. Сўнгги йилларда мунтазам тус олган икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқот нафақат икки томонлама алоқа суръатига, балки Марказий Осиёдаги умумий сиёсий муҳитга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Қайд этиш жоиз, 2025 йил 16-17 ноябрь кунлари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи муносабатлар тарихида муҳим босқич бўлди. Етакчилар “Шовот – Тошҳовуз” қўшма чегара олди савдо ҳудуди очилиши маросимида иштирок этиши, саммит якунида Қўшма баёнот ва икки томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилинди. Музокаралар якунида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзолаб, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва маданий-гуманитар йўналишлардаги устувор вазифаларни белгилаб берди.
Бу ташрифнинг стратегик аҳамияти шундаки, Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари фақат дипломатик дўстлик даражасида эмас, балки амалий иқтисодий ва минтақавий ҳамкорликнинг янги модели сифатида кўрилади. Давлат раҳбарлари томонидан имзоланган ҳужжатлар, ишга туширилган савдо зонаси, транспорт ва энергетика бўйича келишувлар икки мамлакат шериклигини амалий лойиҳалар билан бойитди.
Бинобарин, Ўзбекистон ва Туркманистон стратегик шериклиги бошқа кўплаб икки томонлама алоқалардан ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради.
Аввало, шериклик географик яқинликка таянади. Икки мамлакат ўртасидаги чегарадош ҳудудлар – Хоразм, Бухоро, Қорақалпоғистон, Лебап, Тошҳовуз ва бошқа минтақалар ўзаро савдо, транспорт, маданий алмашинув ва қариндошлик ришталари орқали табиий боғланган. Қолаверса, сув-энергетика ва экология масъулияти чамбарчас боғлиқ. Амударё ҳавзаси, чўл ҳудуди, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи, Орол бўйи муаммоси ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи давлатларимиз узоқ муддатли мувофиқлаштирилган сиёсат юритишини тақозо этади.
Ўзбекистон ва Туркманистон Марказий Осиёда минтақавий барқарорликни сақлашдан манфаатдор. Туркманистоннинг доимий бетарафлик сиёсати ҳамда Ўзбекистоннинг очиқ, яхши қўшничиликка асосланган ташқи сиёсати бир-бирини тўлдиради. Шу боис икки давлат БМТ, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашуви ва бошқа халқаро-минтақавий тузилмаларда мулоқотни давом эттирмоқда.
Энг муҳим йўналишларидан бири – савдо-иқтисодий алоқалар сўнгги йилларда барқарор ўсмоқда. 2025 йил апрель ойидаги икки давлат раҳбарлари мулоқотида ўтган йил якунига кўра товар айирбошлаш қиймати 1,1 миллиард доллардан ошгани қайд этилган эди. Бу рақам икки томонлама савдо янги босқичга чиқаётганини кўрсатади. Асосий масала фақат савдо кўламини кенгайтириш эмас. Муҳими – савдо таркибини диверсификация қилиш, саноат кооперациясини кучайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кимё, нефть маҳсулотлари, қурилиш материаллари, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика ва хизмат кўрсатиш соҳасида барқарор ҳамкорлик занжирини яратиш.
Юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистон – Туркманистон муносабатининг амалий ва рамзий лойиҳаларидан бири – “Шовот – Тошҳовуз” қўшма чегара олди савдо ҳудуди.
Табиийки, савдо-иқтисодий муносабат ривожланишида транспорт-логистика соҳаси муҳим ўрин тутади. Маълумки, Ўзбекистон денгизга бевосита чиқиш имкони бўлмаган давлат сифатида халқаро транспорт йўлакларини такомиллаштиришдан манфаатдор. Туркманистон эса Каспий денгизи орқали Кавказ, Туркия, Европа, Эрон ва Яқин Шарққа чиқиш имконини берувчи муҳим геоиқтисодий маконда жойлашган. Шу жиҳатдан ўтган йилги олий даражали музокараларда минтақанинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини кучайтириш мақсадида ҳукуматларга автомобиль, темир йўл ва денгиз орқали ташувни ривожлантириш, Туркманбоши халқаро денгиз портидан бирга фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди. Ўшанда юк ташиш ҳажми 30 фоиз ошгани, жумладан Туркманбоши порти орқали етказиб бериш фаоллашгани қайд этилган.
Айни йўналишда Ўзбекистон учун бир неча стратегик имконият мавжуд. Биринчидан, Туркманистон орқали Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Европа бозорига ўтиш имкони кенгаяди. Иккинчидан, жанубий йўналишда Эрон портлари орқали Яқин Шарқ ва Ҳинд океанига чиқиш учун муқобил сув йўли шаклланади. Учинчидан, Транскаспий ва Жанубий транспорт йўлаклари уйғунлашуви экспортимиз учун логистика хавфсизлигини таъминлайди.
Маълумки, Туркманистон йирик табиий газ захираси, энергетика инфратузилмаси ва минтақавий экспорт салоҳиятига эга. Ўзбекистон эса саноат, аҳоли ва иқтисодиёт ўсиши шароитида барқарор энергия таъминоти, электр энергияси транзити, қайта тикланувчи энергетика ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашдан манфаатдор.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг мазкур давлатга навбатдаги ташрифи ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқани янада кучайтириш, транспорт ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, чегара олди ҳудудларини фаоллаштириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинув кўламини кенгайтиришга замин яратиши шубҳасиз.
Адҳамжон Мамажонов,
ТДШУ ҳузуридаги Шарқ мамлакатлари
ривожланишини тадқиқ этиш
илмий-таҳлил маркази директори