Ўзбекистон-Туркия бизнес форуми ахборот ҳамкоримиз нигоҳида
Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркия бизнес форуми ҳақида “Anadolu” ахборот агентлиги мақола эълон қилди.
Ўзбек ва турк ишбилармонлари ўзаро ҳамкорлик имкониятлари ва бизнес истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида индивидуал учрашувлар ўтказди, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Технологик металлар заводи, ОСТИМ саноат зонаси, Туркия палаталар ва биржалар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил етилган форумда тоғ-кон саноати соҳасида фаолият юритаётган 30 дан ортиқ турк компаниялари, шунингдек, юртимизнинг кўплаб нуфузли ишбилармонлари иштирок этди.
Мақолада келтирилишича, Туркия ва Ўзбекистон асрлар давомида муштарак маданият, тил ўхшашлиги ва қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланган давлатлардир. Сўнгги йилларда икки ўлка ўртасида савдо айланмалари ҳажми ортиб бормоқда.
Форумда Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати салоҳиятига оид турли маърузалар тингланди. Шунингдек, икки қардош халқ ишбилармонлари ўзаро ҳамкорлик имкониятлари ва бизнес истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида индивидуал учрашувлар ўтказди, дейилади мақола якунида.
Г.Сатторова, ЎзА