Ўзбекистон туризми дунёга кенг тарғиб этилмоқда
Мамлакатимизга кириб келувчи хорижлик сайёҳлар сонини йил охиригача 7 миллиондан ошириш учун туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида Маданият ва туризм вазирлиги томонидан қатор йирик лойиҳалар йўлга қўйилган.
Жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Россия Федерацияси “НТВ” ижодий гуруҳининг юртимизга ташрифи ташкил қилинди.

Мазкур телеканалда Ўзбекистон туризми ҳақида русий забон сайёҳлар учун янги дастур ишлаб чиқилди. “Попутчик” (“Ҳамроҳ”) номли кўрсатувнинг илк тақдимот сони диёримизда суратга олинди.

“НТВ” ижодий гуруҳи жорий йил 12-15 июль кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари, бой тарихи, таомлари, маданий мероси ва туризм имконияти билан яқиндан танишди.
Кўрсатув аудиториясини кенгайтириш мақсадида лойиҳага бошловчи сифатида машҳур шоумен ва мусиқачи Тимур Родригес таклиф этилган. 43 дақиқалик кўрсатувнинг илк сони кузда эфирга узатилади.
ЎзА