Ўзбекистон тўқимачилик саноатида халқаро стандартлар жорий этилади
Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда АҚШнинг халқаро WRAP сертификатлаштириш тизими ташкилоти ҳамкорлигида республика тўқимачилик саноати корхоналари учун онлайн форматда ўқув-семинар ташкил этилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, уларни халқаро бозорларда талаб этиладиган стандартлар билан таништириш ҳамда WRAP сертификатини олиш тартиблари юзасидан тушунча ва кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Семинар давомида WRAP (Worldwide Responsible Accredited Production) сертификатининг мазмун-моҳияти, унинг халқаро савдодаги аҳамияти ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларида ижтимоий ва экологик меъёрларга риоя этилишини таъминлашдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, WRAP — ишлаб чиқариш жараёнларининг хавфсиз, қонуний, инсонпарвар ва этик тамойиллар асосида ташкил этилганини тасдиқловчи мустақил халқаро сертификатлаштириш тизими ҳисобланади. Айниқса, кийим-кечак, пойабзал ҳамда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун мазкур сертификат халқаро бозорларда муҳим талаб сифатида эътироф этилмоқда.

WRAP сертификатлаштириш тизими вакили Ҳонг Мей хоним ўз маърузасида WRAP сертификати АҚШ ва Европа бозорларига киришда муҳим омил эканини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, дунёнинг қатор йирик бренд ва компаниялари айнан WRAP сертификатига эга корхоналар билан ҳамкорлик қилишга устувор аҳамият қаратади.

Семинар доирасида экспорт жараёнларини самарали ташкил этиш, АҚШ бозорига чиқишдаги талаблар, сертификатлаштириш босқичлари ҳамда амалиётда учраётган тажрибалар юзасидан иштирокчиларга атрофлича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, маҳаллий тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарининг бугунги фаолияти, соҳада мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича режалаштирилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, ўзаро фикр алмашилди. Бундай амалий семинарлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро стандартларга мослашувини тезлаштириш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА