Ўзбекистон ТИВ раҳбари Япония Бош вазири қабулида бўлди
Япония ТИВ матбуот хизмати хабар беришича, Бош вазир Фумио Кисида 6 мартдан буён кун чиқар юртда бўлиб турган мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовни қабул қилди.
Дастлаб Кисида вазир Саидовни Японияга амалга оширган илк ташрифи билан қутлади ва январь ойида Ното ярим оролида юз берган зилзила муносабати билан Ўзбекистондан келган ҳамдардлик мактуби учун миннатдорлик билдирди.
Мулоқот давомида муҳим стратегик шериклар – Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлиги, жумладан жорий йил бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё+Япония” саммити муносабати билан мавжуд муҳим масалаларни келишиб олдилар.
– Япония ҳукумати бошлиғи Фумио Кисида жаноби олийлари билан суҳбатимиз сиёсий мулоқотдан тортиб, маданий алмашинувгача бўлган кенг кўламли икки томонлама мавзуларни қамраб олди, – деди Бахтиёр Саидов. – Ташқи ишлар вазирликлари бундан кейин ҳам стратегик шериклигимизни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишига аминмиз.
Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси етакчиси Япония Либерал-демократик партияси вице-президенти, мамлакат парламентидаги Ўзбекистон билан дўстлик лигаси раиси Таро Асо билан ҳам учрашди.
Суҳбат чоғида халқ дипломатияси икки мамлакатни янада яқинлаштириши қайд этилди. Якунда вазиримиз жаноб Асо ва унинг жамоасига Ўзбекистон – Япония алоқаларини ривожлантиришда кўрсатаётган доимий кўмаги учун миннатдорлик билдирди.