Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш доирасида тиббиёт ташкилотларини Миллий аккредитация қилиш тизими амалиётга муваффақиятли жорий этилди.
Мазкур тизим тиббий хизматлар сифатини ошириш, беморлар хавфсизлигини кафолатлаш, шунингдек, тиббиёт муассасаларида сифат маданиятини шакллантиришга қаратилган замонавий механизм ҳисобланади.
Миллий аккредитация тизими давлатимиз раҳбари бошчилигида тиббиёт соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, у тиббиёт ташкилотлари фаолиятини хавфсизлик, самарадорлик ва халқаро стандартлар асосида баҳолаш имконини беради.
Ушбу тизим орқали тиббий хизматлар сифатини тизимли равишда ошириш, беморларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда клиник амалиётларда замонавий стандартларни жорий этиш назарда тутилган.
[gallery-26813]
–Миллий аккредитация жараёнлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази томонидан мувофиқлаштирилади, –дейди “Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази” директори Жалолиддин Асамутдинов. – Марказ томонидан ишлаб чиқилган Тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш бўйича Миллий стандартлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 5 августдаги 244-сон буйруғи билан тасдиқланди.
Шунингдек, 2025 йил 21 октябрдаги 327-сон буйруқ билан аккредитация жараёнларини амалиётга жорий этиш тартиби белгиланди. Ушбу стандартлар тиббиёт ташкилотлари фаолиятининг барча асосий йўналишларини қамраб олади. Хусусан, етакчилик ва бошқарув тизими, бино ва жиҳозларнинг хавфсизлиги, инфекцион назорат, клиник амалиёт ва даволаш жараёнлари, дори воситалари билан ишлаш, беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кадрлар бошқаруви ва малака ошириш йўналишларини қамраб олади.
Стандартлар ISQua (International Society for Quality in Health Care) халқаро талаблари асосида, халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган бўлиб, тиббий хизматлар сифатини глобал меъёрларга мослаштиришга қаратилган.
Миллий аккредитация тизимининг амалиётга жорий этилганини тасдиқловчи дастлабки натижалар сифатида Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “M-Clinic” кўп функцияли тиббиёт маркази биринчи бўлиб аккредитациядан муваффақиятли ўтди ва олий тоифа баҳосига лойиқ деб топилди.
Мазкур жараён якуни бўйича пойтахтимиздаги “M-Clinic” марказида Миллий аккредитация сертификатини топшириш маросими ташкил этилди.
Ушбу тизимнинг жорий этилиши орқали тиббиёт ташкилотларида хизматлар сифати ошади. Беморлар хавфсизлиги кафолатланади, сифат маданияти шаклланади. Тиббиёт муассасалари халқаро стандартларга мос фаолият юритади. Давлат ва хусусий сектор ўртасида самарали рақобат ривожланади.
Миллий аккредитация тизими, шунингдек, тиббиёт соҳасида инновацион технологиялар ва халқаро тажрибаларни жорий этишга замин яратади, бу эса беморлар ва мутахассислар учун қулай шароитлар яратади.
Шаҳноза Маматуропова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА