Москвада Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича давлатлараро Кенгаши (МГС)нинг 68-йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш ва халқаро ҳамкорлик соҳаларида жаҳон стандартлари билан уйғунлаштириш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда МДҲ Бош котибининг ўринбосари Илҳом Неъматов иштирок этди. Йиғилишда аъзо давлатлар миллий стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш тизимларини такомиллаштириш ҳамда илмий‑техникавий ва савдо‑иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтириш муҳим вазифалар сифатида белгиланди.

Тадбирда Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди. Бу эса мамлакатимизнинг стандартлаштириш ва метрология соҳасидаги халқаро ҳамкорликдаги фаол ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Йиғилишда миллий органлар томонидан стандартлар ва техник тартибга солиш амалиётини такомиллаштириш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш, аъзо мамлакатлар ўртасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва тажриба алмашиш, илмий‑техникавий ҳамда савдо‑иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, йиғилиш доирасида “Маҳсулотлар ва хизматлар сифати соҳасида эришган ютуқлари учун МДҲ мукофоти” танлови бўйича номинациялар, жумладан Ўзбекистондан 6 та маҳаллий корхона МДҲ Ижроия қўмитасига тақдим этилди.
Якунда навбатдаги йиғилишни Бишкекда ўтказиш қарори маъқулланди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА