“Ўзбекистон темир йўллари” халқаро кўргазмада ўз салоҳиятини намойиш этмоқда
Бугунги кунда темир йўл транспорти соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш, ҳаракатланувчи таркибни янгилаш, инфратузилмани ривожлантириш ва рақамли ечимлардан фойдаланиш транспорт тизими самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Германиянинг Берлин шаҳрида темир йўл транспорти соҳасидаги йирик халқаро тадбирлардан бири - “InnoTrans-2026” кўргазмасининг ўтказилиши ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади.

Аҳамиятли жиҳати, унда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳам фаол иштирок этиб, жамият таркибига кирувчи саноат корхоналари ва ташкилотларининг фаолиятини намойиш этмоқда.
Кўргазмада темир йўл транспортидаги инновацион ишланмалар, жумладан, ҳаракатланувчи таркиб, темир йўл инфратузилмаси, туннеллар қурилиши, поездлар интерьери ҳамда транспорт соҳаси учун рақамли ечимларга оид замонавий технологиялар тақдим этилмоқда.

Таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ учун бу “InnoTrans” кўргазмасидаги илк иштирок ҳисобланади. Мазкур тадбир жамият учун халқаро тажрибани ўрганиш, соҳадаги янги технологиялар билан танишиш ва хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни ривожлантириш имконини беради.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА