Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишларига оид халқаро Битим ишлаб чиқилди. Мазкур халқаро ҳужжат ташаббускор давлатимиз томонидан биринчилар қаторида ратификация қилинмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги Битимни (Душанбе, 2023 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
– 2022 йил 21 июлда Чўлпон-отада ўтказилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг IV маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ушбу Битимни тузиш ташаббуси илгари сурилган эди, – деди Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова. – Мазкур Битим минтақа ёшларини бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ҳужжат ҳисобланади. Марказий Осиё давлатларида давлат органлари ва муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга ҳамда ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Битимнинг асосий йўналишлари ёшларни Марказий Осиё давлатларининг ижтимоий, маданий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётига жалб қилиш, фаоллигини ошириш, соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялашга қаратилган турли дастурларни ишлаб чиқиш, таълим муассасаларида таҳсил олувчи ёшлар ўртасида очиқ ва сифатли таълим олишни таъминлаш, илғор тажриба алмашиш ҳамда илмий-инновацион ҳамкорликни ривожлантириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида олимпия, паралимпия, миллий спорт турларини тарғиб қилиш учун шарт-шароитлар яратишдан иборат. Шунингдек, иқтидорли ёшларнинг ижодий фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, ёшлар ўртасида ихтиёрий (волонтёрлик) ҳаракати фаолиятини рағбатлантириш ва тарғиб қилиш, Марказий Осиё халқаро таълим ёшлар туризмини ривожлантиришга кўмаклашиш ва ёшлар аудиторияси учун мўлжалланган туризм инфратузилмасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш Битимнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади.
Муҳокамаларда депутатлар Ўзбекистон Республикаси ушбу Битимнинг ташаббускори ва депозитарийи сифатида уни биринчилардан бўлиб ратификация қилиши, ушбу халқаро ҳужжатнинг кучга кириши учун Марказий Осиёнинг қолган давлатлари ҳам ички тартиб-таомилларидан ўтказишига туртки бўлишини алоҳида таъкидлади.
Муҳокама ва фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА