Ўзбекистон тарихи Германия архивларида (+видео)
Германия архивлари ва музейларида Ўзбекистон ҳамда бутун Марказий Осиё тарихига оид улкан маданий, археологик ва дипломатик мерос сақланади. Айниқса, сўнгги тадқиқотлар натижасида Берлин ва бошқа шаҳарлардаги архивлардан ватанимиз тарихининг энг бурилиш нуқталарига оид ноёб ҳужжатлар топилган.
Президентимизнинг 2019 йил 20 сентябрдаги "Ўзархив" агентлигининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорида архив иши ва иш юритиш соҳасидаги мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг илғор иш тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш, хорижий архивларда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид архив ҳужжатлари нусхаларини олиб келиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Ҳозирги кунга қадар "Ўзархив" агентлиги фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айланган мазкур соҳада Туркия, Россия, Озарбайжон, Татаристон, Қозоғистон, Тожикистон давлат архивларида сақланаётган минглаб ҳужжатларнинг электрон нусхалари Ўзбекистон Миллий архивига олиб келинди ва алоҳида электрон жамғарма ташкил этилди. Бошланган ишларнинг мантиқий давоми сифатида "Ўзархив" агентлиги қошида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари — профессор Муҳайё Исакова ва Насриддин Мирзаевларнинг Германияга хизмат сафари ташкил этилди.
Олимларимиз Берлин шаҳрида жойлашган 3 та йирик давлат архивида — Пруссия маданий мероси махфий давлат архиви, Германия Федерал архиви ва Ташқи ишлар вазирлиги архивида ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихига оид архив ҳужжатларини аниқлаш ҳамда нусхаларини олиб келиш борасида тадқиқот олиб бордилар.
Муҳайё Турдалиева, Ойбек Давронов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА