Ўзбекистон таълим ва илм-фан ривожида янги босқичга кўтарилмоқда
Ўзбекистон мезбонлик қилаётган 58-халқаро кимё олимпиадаси ўзининг нуфузи ва кўлами билан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мазкур нуфузли билимлар мусобақаси мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ҳамда устозларнинг машаққатли меҳнатининг ёрқин самараси.
58-халқаро кимё олимпиадасига ташриф буюрган иштирокчилар ва менторлар Ўзбекистонда яратилган шарт-шароитлар ҳамда олимпиада ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Карлос Маурико Кастро Акуна, ментор (Мексика):
— Бу каби олимпиадаларда энг иқтидорли ва билимли ёшлар иштирок этади. Мазкур олимпиаданинг Ўзбекистонда ўтказилаётгани мамлакатингизда ёшларнинг пухта таълим олиши йўлида давлат раҳбари томонидан қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодаси.
Маъруф Аддин, иштирокчи (Бангладеш):
— Ўзбекистон буюк алломалар юрти эканидан хабардорман. Олимпиаданинг тантанали очилиш маросими жуда юқори савияда ва кўтаринки руҳда ўтди. Кимё фани нафақат моддаларнинг хусусиятларини ўрганади, балки фармацевтика, экология, атроф-муҳит муҳофазаси, тиббиёт, саноат ва бошқа кўплаб соҳалар тараққиётида муҳим ўрин тутади. Биз ушбу олимпиадага пухта тайёргарлик кўрдик. Ишонаманки, юқори натижаларни қўлга киритамиз.

Александр Зураев, ментор (Беларусь Республикаси):
— Биз бир йилдан буён ўқувчиларимизни ушбу олимпиадага тайёрлаб келмоқдамиз. Беларусь жамоаси 2025 йилда Ўзбекистонда ўтказилган ал-Беруний номидаги халқаро фан олимпиадасида ҳам муваффақиятли иштирок этган эди. Кейинги йилларда Ўзбекистон таълим соҳаси ривожига катта эътибор қаратмоқда. Бу эса мамлакатнинг порлоқ келажагини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Есун Ким, ўқувчи (Гана Республикаси):
— Ўзбекистон бой тарихий, маърифий ва маданий меросга эга, қадимий Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган бетакрор мамлакат эканини бу заминга қадам қўйганимизданоқ ҳис этдик.
Фан олимпиадаси иқтидорли ёшларнинг билим ва интеллектуал салоҳиятини синовдан ўтказувчи беқиёс майдон. У ўқувчиларнинг мантиқий фикрлашини ривожлантириб, фан сирларини янада чуқурроқ англаш ва юксак марраларни эгаллашга кучли мотивация беради. Бундай мусобақалар нафақат энг кучли иштирокчиларни аниқлайди, балки келажак олимлари ва юқори малакали мутахассисларнинг шаклланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ўйлайманки, Ўзбекистонда ўтаётган 58-халқаро кимё олимпиадаси ҳам ўз Ватани шарафини муносиб ҳимоя қиладиган кўплаб иқтидор эгаларини кашф этади.
Жоао Марсело Алвес Аирес, ўқувчи (Бразилия):
— Тошкентда старт олган 58-халқаро кимё олимпиадасининг тантанали очилиш маросими чиройли ва жуда кўтаринки руҳда ўтди. Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Бу ерда ўтказилган ал-Беруний номидаги халқаро олимпиаданинг ҳам юқори савияда ташкил этилганини биламан.

Фан олимпиадалари инсонни ўз устида янада кўпроқ ишлашга, изланишга ва билим олишга ундайди. Шунингдек, улар тенгдошларнинг билим ва тажрибасини ўрганиш, янги дўстлар орттириш учун ҳам ўзига хос мулоқот майдони ҳисобланади. Билимлар беллашувининг бундай нуфузли майдонида барча тенгдошларимга омад тилайман.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА