Бугун, 11 май куни Таиланднинг Бангкок шаҳрида Осиё олимпия кенгашининг 43-Бош ассамблеяси бўлиб ўтади.
Мазкур нуфузли спорт анжуманида Осиё олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров бошчилигидаги Ўзбекистон спорт делегацияси иштирок этмоқда.
Анжуман олдидан юртимиз спорт делегацияси Осиё қитъаси олимпия ҳаракати мутасаддилари билан бир қатор учрашувларни ўтказди.
Осиё олимпия кенгашининг амалдаги раҳбари Ража Сингх ва ООК Бош директори, Бутунжаҳон сув спорти турлари федерацияси (World aquatics) президенти Ҳусайн Ал Мусаллам билан бўлиб ўтган самимий руҳдаги суҳбатлар давомида “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик ишлари ҳақида сўз борди.
ООК мутасаддилари Ўзбекистон бўлажак мусобақани юқори савияда ўтказа олишини таъкидлашди.
Шунингдек, юртимизда сув спорти турлари ривожини янги босқичга олиб чиқиш, мураббий ва ҳакамлар учун таниқли экспертлар иштирокида кўпроқ семинарлар ташкил этиш каби мавзулар муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида “Тошкент-2025” ўйинлари учун қурилаётган замонавий сув спорти ҳавзаси ва ундан самарали фойдаланиш масаласи кўриб чиқилди.
Мамлакатимиз олимпия ҳаракати делегацияси Осиё Олимпия кенгаши бош ассамблеяси доирасида бир қатор давлатларнинг миллий олимпия қўмиталари вакиллари, ООК вакиллари билан манфаатли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА