Легионерларимиз: «Сабаҳ» ва «Персеполис»дан йирик ғалаба
Раҳмоналиев майдонда, Сергеев ва Ўрунов ўйнамади.
Кеча, 20-ноябрь куни ўзбекистонлик футболчилар тўп сураётган «Сабаҳ» ва «Персеполис» жамоалари миллий чемпионатларда йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Озарбайжон Премер-лигасининг 12-турида Умарали Раҳмоналиевнинг «Сабаҳ» жамоаси сафарда «Сумқайит»ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Биринчи бўлимни 2:1 ҳисобидаги устунлик билан якунлаган меҳмонлар танаффусдан кейин яна учта гол урди. Раҳмоналиев 68-дақиқада Иван Лепинитса ўрнига майдонга тушди ва учрашув якунига қадар ҳаракат қилди. Ҳамюртимиз гол ёки голли узатма қайд этмади.
Ушбу ғалабадан сўнг «Сабаҳ» 11 учрашувда 24 очко жамғариб, турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилди. Жамоа «Нефтчи» билан тенг очкога эга.
Эрон чемпионатининг 13-турида эса Остон Ўрунов ва Игор Сергеев тўп сураётган «Персеполис» ўз майдонида «Пайкон»ни 3:0 ҳисобида енгди. Мезбонлар сафида Тьеви Бифума 40-дақиқада, Муҳаммад Моҳебий 53-дақиқада ва Али Алипур 72-дақиқада гол урди.
Игор Сергеев захирада қолиб, майдонга тушмади. Остон Ўрунов эса ўйин қайдномасига киритилмади.
Учрашувдан кейинги жадвалга кўра, «Персеполис» 13 учрашувда 26 очко билан биринчи ўринга чиқди. Бир ўйин кам ўтказган «Сепаҳон» ҳам 26 очкога эга.
sport.uza.uz