Ўзбекистон спорт академияси имкониятлари юқори баҳоланди
Ўзбекистон давлат спорт академиясида халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаб келаётган Италиянинг Тренто университети ва Қозоғистоннинг Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети олимлари иштирокида ўтказилган учрашувда халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хорижлик мутахассислар Ўзбекистонда спорт академияси фаолияти йўлга қўйилгани жисмоний тарбия ва спорт илмида катта юксалиш сари қадам эканини эътироф этди.

Академиянинг замонавий инфратузилмаси, таълим жараёнлари ҳамда талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишган чет эллик олимлар илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорликни янада кенгайтириш лозимлигини таъкидлади.
Мулоқот жараёнида Ўзбекистон давлат спорт академияси, Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти ҳамда Италиянинг Тренто университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тўрт томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган мазкур ҳужжатда талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро таълим дастурларини ривожлантириш, илғор тажрибаларни жорий этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Евроосиё миллий университети делегацияси билан олиб борилган музокаралар доирасида психология, спорт фанлари ва илмий тадқиқотлар йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда илмий тажриба алмашинувини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Т.Рўзиев, ЎзА