O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) Эоган Мерфи бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб делегация вакилларига партия фаолиятининг ҳозирги кундаги устувор йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Хусусан, сиёсий партияларнинг ишини такомиллаштириш ва самарасини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтилди.
Мулоқот мобайнида 2021 йил 24 октябрда ўтказилган Ўзбекистон президентлигига сайловни кузатиш бўйича ДИИҲБ делегацияси миссиясининг якуний ҳисоботи ҳам кўриб чиқилди.
Учрашувда томонлар ЕХҲТ нинг бўлажак сайловлар ҳуқуқий базаси ва амалиётини такомиллаштириш бўйича тавсияларини ҳар томонлама муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратди. Бу йўналишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.
Фикр алмашинувлар чоғида кейинги йилларда Ўзбекистон сиёсий партияларининг ЕХҲТ институтлари, жумладан, ДИИҲБ билан ҳам ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашгани қайд этилди.
Дўстона руҳда бўлиб ўтган тадбирда томонлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олди.
Г.Сатторова, ЎзА