Охирги йилларда Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасидаги дўстона муносабатлар турли соҳаларда манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга замин яратди. Айниқса, икки мамлакатнинг ҳудудлараро савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва маданий соҳаларда амалга ошираётган ишлари таҳсинга сазовор.
Кейинги беш йилда Тошкент вилояти ва Россия Федерацияси тадбиркорлик субъектларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлигида сезиларли натижаларга эришилди. Хусусан, 2023 йил якунларига кўра, Тошкент вилояти билан Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 640 миллион долларни ташкил қилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса, бу кўрсаткич 278 миллион доллар, Россияга экспорт ҳажми эса 135 миллион долларига етди.
Ҳозир Тошкент вилоятида Россия капитали иштирокида умумий қиймати 600 миллион доллардан ортиқ бўлган ўнлаб саноат лойиҳалари ишга туширилган. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада кенгайтириш мақсадида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида самарали ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Россиянинг Татаристон, Бошқирдистон Республикалари ҳамда Москва шаҳри ва вилоятларида бўлган вилоят делегацияси йирик компания вакиллари билан учрашувда қиймати 50 миллион доллардан зиёд инвестициявий келишувларга эришди. Сафар давомида мигрантларимиз билан ҳам яқин мулоқотлар олиб борилди. Ўзаро келишувларга кўра, келгусида Қибрай туманида қиймати 20 миллион долларлик заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилади.
Чиноз туманида қум-шағал, қурилиш материаллари тайёрлашга ихтисослашган корхона, шу каби яна бешта йирик лойиҳа 2024-2026 йилларда амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда ягона бўлган Бўстонлиқ туманидаги “Чорвоқ” туристик-рекреацион зонасида туризм объектлари ишга туширилиб, хизмат кўрсатиш борасида Бошқирдистон тажрибасидан фойдаланилади.
Мақсад ҳудудга хорижий ва маҳаллий туристларни кенг жалб қилиш учун қулай шароит яратиш, замонавий инфратузилмани жадал ривожлантиришни таъминлаш, кўрсатилаётган туристик, меҳмонхона ва транспорт хизматларини кенгайтириш ва сифатини оширишдир.
А.Мусаев, ЎзА мухбири