“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори” фахрий унвони таъсис этилади
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори” фахрий унвони таъсис этилиши кутилмоқда.
Айни мақсадга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, хавф гуруҳидаги шахслар билан профилактик ишларни ташкил этиш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни сақлашда муҳим вазифаларни бажаради. Қонун лойиҳаси ана шу соҳада кўп йиллар давомида самарали хизмат қилган ходимларнинг фидойилиги ва касбий маҳоратини эътироф этиш, уларни рағбатлантиришга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, янги фахрий унвоннинг ҳуқуқий асосларини белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш киритиш орқали мазкур унвоннинг номи ва кўкрак нишони тавсифини ҳамда кўкрак нишони бериш учун асос бўладиган ҳолатларни қонунчиликда мустаҳкамлаш назарда тутилган.

Муҳокамаларда таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторларининг хизмат вазифаларини сидқидилдан ва самарали бажаришга бўлган рағбатини ошириш, соҳада хизмат анъаналарини мустаҳкамлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қўшган ҳиссасини муносиб эътироф этишга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА