Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Спортда допинг қўлланилишининг олдини олиш ва допингга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенция, Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва бошқа халқаро антидопинг стандартлари талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, Бутунжаҳон допингга қарши агентлигининг тавсия ва таклифларини инобатга олиб:
1. Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги,Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг:
Агентлик бошқарув ходимларининг чекланган сонини 2 бараварга кўпайтириш;
2021 йил 1 апрелдан бошлаб Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Агентлик ходимларининг лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентларини 1,5 баравар миқдорда қўллаш;
Агентлик бош директорини мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш,
моддий рағбатлантириш ва тиббий хизмат кўрсатиш шартларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлигининг янгиланган тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Агентлик бош директорига Агентликнинг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони
ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Агентлик (Н.Турсунов):
а) Бутунжаҳон допингга қарши агентлигининг талабларидан келиб чиқиб бир ой муддатда:
тақиқланган моддалардан фойдаланиш борасида спортчиларнинг ариза ва ҳужжатларини ўрганиб, хулоса чиқариш билан шуғулланадиган Терапевтик истисно бўйича комиссия;
антидопинг қоидалари бузилиши ҳолатларини ўрганиб, қарор чиқариш билан шуғулланадиган Ахлоқ бўйича комиссия;
Терапевтик истисно бўйича комиссия хулосаси ва Ахлоқ бўйича комиссия қароридан норози томоннинг аризасини ўрганиб, қарор чиқариш билан шуғулланадиган Апелляция бўйича комиссия фаолиятларини самарали ташкил қилсин, уларни малакали мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўрсин;
б) икки ҳафта муддатда ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини Бутунжаҳон допингга қарши агентлигига етказиш чораларини кўрсин.
4. Молия вазирлиги (Т.Ишметов):
Агентлик марказий аппарати учун 2 та махсус автотранспорт воситасини харид қилиш ва сақлаш учун лимит ажратсин;
ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан Агентлик харажатлари учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича 2021 йилги Давлат бюджети параметрлари доирасида маблағ ажратсин ва 2022 йилдан бошлаб зарур бюджет маблағларини кўзда тутсин.
5. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Агентликни зарур
шарт-шароитларга эга бўлган бинога жойлаштириш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 6 апрель