20 сентябрь куни мамлакатимизга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант, Корея Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён, Мўғулистон Фавқулодда ва мухтор элчиси Дааданхуу Батбаатар, Германия Федератив Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Хутерер, Исроил Давлати Фавқулодда ва мухтор элчиси Гидеон Лустиг ва Европа Иттифоқи элчиcи Тойво Клаардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини Ўзбекистондаги шарафли ва масъулиятли фаолияти расман бошлангани билан самимий табриклади.
Бугунги кунда жаҳондаги беқарор ва тез ўзгараётган даврда элчиларнинг нафақат ўз мамлакатларининг манфаатларини илгари суриш, балки халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган шарафли фаолиятининг аҳамияти кескин ортиб бораётгани таъкидланди.
Президентимиз очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсат натижасида Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва мавқеи тобора мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан мамлакатимиз ташаббуси билан 10 дан ортиқ, жумладан, жорий йилнинг ўзида катта аҳамиятга эга 4 та махсус резолюция қабул қилингани бунинг тасдиғидир.
Мураккаб глобал вазиятда ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсмоқда, Жаҳон банки бу йил ўсиш 5,3 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси эътироф этганидек, ўтган йил якуни бўйича мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди.
Париждаги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари мамлакатимизнинг янги спорт тарихини яратган ёш спортчиларимизнинг рекордлари ва мисли кўрилмаган ютуқлари майдонига айланди.
– Буларнинг барчаси ортга қайтмас тус олган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг самарасидир, - деди давлат раҳбари.
Ўзбекистон Республикаси "Ўзбекистон - 2030" стратегияси асосида демократик жамият қуриш, иқтисодиётни янада эркинлаштириш, саноат ва ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш, тадбиркор ва инвесторлар учун кенг имкониятлар яратиш сиёсатини давом эттириши таъкидланди.
Шу муносабат билан келгуси ойда Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик органларига ўтказиладиган сайловлар янгиланган Конституцияга мувофиқ илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаб келаётгани учун дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари вакиллик қилаётган мамлакатлар ҳукуматларига миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон Президенти Ҳиндистон Республикаси элчиси Смита Пантга мурожаат қилар экан, икки мамлакат етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан қайд этди.
Жорий йил бошидан буён икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошди, қўшма корхоналар, авиақатновлар сони кўпаймоқда, сайёҳлик алмашинуви кенгаймоқда, ҳудудлараро алоқалар изчил ривожланмоқда. Ўзбекистонда Ҳиндистон университетларининг тўртта филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбари яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, рақамли иқтисодиёт, инновациялар, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик лойиҳаларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва "Ҳиндистон - Марказий Осиё" форматидаги мулоқотни давом эттириш учун катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Ўзбекистон етакчиси Корея Республикаси биз учун Осиё қитъасидаги вақт синовларидан ўтган яқин дўст ва алоҳида стратегик шерик эканини таъкидлади.
Президент Юн Сок Ёлнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигининг янги босқичини бошлашга келишиб олинди. Мамлакатимизда замонавий саноат ва инфратузилмани барпо этиш мақсадида юқори технологик ва инновацион шериклик модели жорий этилмоқда.
Ўзаро савдо ҳажми 2,5 миллиард долларни ташкил этмоқда. 700 дан зиёд қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда, янги инвестиция лойиҳалари портфели 10 миллиард долларга етди.
Ўзбекистонда Кореянинг қатор етакчи университетлари филиаллари, касб-ҳунар таълими, инновациялар ва ахборот технологиялари марказлари очилди, мактабгача таълим тизимини яратишнинг илғор тажрибаси муваффақиятли жорий этилмоқда, соғлиқни сақлаш соҳасида биргаликда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
- Тошкентда барпо этилган Болалар клиникаси, Корея маданияти ва санъати уйи, Сеул боғи ва кўчаси мустаҳкам дўстлигимизнинг ёрқин рамзларига айланди, кўп миллатли халқимизнинг ажралмас қисми бўлган салкам 200 минг нафар фуқароларимиздан иборат корейс диаспораси эса тараққиётимизга муносиб ҳисса қўшмоқда, - деди Ўзбекистон Президенти.
Корея Республикасининг етакчи компаниялари билан ўта муҳим минераллар, ярим ўтказгичлар, кимё саноати, "яшил" энергетика, машинасозлик, "ақлли" қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида ҳамкорлик бўйича стратегик режаларни тўлиқ амалга ошириш зарурлиги, шунингдек, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларни янада фаоллаштириш, гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, кўп томонлама ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Мўғулистон элчисига мурожаат қилар экан, Президент Ухнаагийн Хурелсухнинг яқинда Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи ўзаро манфаатли муносабатларимизда янги саҳифа очганини таъкидлади.
Тошкентда Мўғулистон элчихонаси ўз фаолиятини бошлади. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми икки баробар ошди. Турли вазирлик ва идоралар ўртасидаги алоқалар фаоллашди.
Эришилган келишувларни сўзсиз бажариш, хусусан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни қабул қилиш, фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ва қайта ишлашда иштирок этиш, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, чарм, тўқимачилик, фармацевтика саноати ва тиббиёт соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, таълим ва маданий дастурларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
БМТ, ШҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Ўзбекистон раҳбари дунёнинг етакчи давлатларидан бири, улкан интеллектуал ва иқтисодий салоҳиятга эга Германия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори эканини таъкидлади.
Ўтган йили Германияга амалга оширилган иккита олий даражадаги ташриф, шунингдек, Федерал Канцлер Олаф Шольцнинг яқинда Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи кўп қиррали Ўзбекистон-Германия муносабатлари тарихида янги даврни бошлаб берган муҳим воқеалар бўлгани таъкидланди.
Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми ва қўшма корхоналар сони икки баробар, ўзлаштирилган инвестициялар эса 10 баробар кўпайди.
Германиянинг етакчи компания ва банклари билан умумий қиймати 9 миллиард еврога тенг бўлган қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
“Siemens”, “Linde”, “BASF”, “MAN”, “CLAAS”, “Henkel”, “Knauf”, “Papenburg”, “Deutsche Bahn” ва бошқа компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш механизмлари жорий этилмоқда, Саноат ва технологик ҳамкорлик дастури қабул қилинди.
- Шу билан бирга, маданий-гуманитар, таълим, миграция ва туризм соҳаларида ҳам катта натижалар кутаяпмиз, - деб таъкидлади мамлакатимиз Президенти.
Шунингдек, яқинда Остона шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё - Германия" иккинчи саммитида билдирилган минтақавий стратегик ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган ташаббуслар қўллаб-қувватланди.
Президентимиз Исроил Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шериги эканини таъкидлади.
Ўтган йилда савдо ҳажми икки баробар ошди, мамлакатимизда Исроил сармояси иштирокидаги 120 га яқин корхона фаолият юритмоқда.
Ўзбекистонда қадимдан яшаб келаётган Бухоро яҳудийлари ҳамон халқларимиз алоқаларида мустаҳкам боғловчи ришта вазифасини ўтамоқда.
Президент икки томонлама ҳамкорлик учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Хусусан, инновациялар, "ақлли" қишлоқ ва сув хўжалиги, ресурс тежайдиган технологиялар, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазият тез орада адолатли ечим топиши, умумэътироф этилган ҳужжатлар асосида узил-кесил тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишининг қатъий тарафдори эканини тасдиқлади.
Ўзбекистон Президенти Европа Иттифоқи ишончли ва вақт синовидан ўтган ҳамкор эканлигини таъкидлади.
Сўнгги йилларда муносабатларимиз изчил ривожланиб, мутлақо янги босқичга кўтарилди. Жорий йилда дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланмоқда.
Олий даражадаги ташрифлар сони ортиб бормоқда, Европанинг бир қатор давлатлари билан стратегик шериклик ўрнатилди, ўтган йили Европа Иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошди.
"Яшил" иқтисодиёт, муқобил энергетика, юқори технологик саноат, инновациялар, минерал ресурслар, қишлоқ хўжалиги, экология, фан ва таълим соҳаларида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тез орада имзоланиши муносабатларимизни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
– Европа томони билан сиёсий мулоқотларни фаоллаштириш, демократик институтларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари масалаларида очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш, иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида ҳамкорликнинг янги "ўсиш нуқталари"ни топиш, фуқароларимиз борди-келдилари учун виза режимини енгиллаштириш каби долзарб йўналишларда биргаликда ишлаш ниятидамиз, - деди Ўзбекистон Президенти.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё билан ҳамкорлиги кенгайиб бораётгани ҳам қайд этилди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари келгуси йилда Самарқанд шаҳрида "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" саммитини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.
Маросим якунида Ўзбекистон Президенти янги тайинланган элчиларга шарафли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва ислоҳотлар натижалари билан, айниқса, энг чекка туман ва қишлоқларга бориб яқиндан танишишни тавсия қилди.
Ўз навбатида, хорижий дипломатлар самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги фаолиятини самарали олиб боришларига яратилган шароитлар учун ташаккур изҳор этдилар.