“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонининг Низоми ва тавсифи ҳам тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишони таъсис этилади.
Мустақиллик - мард ва олижаноб халқимизнинг қатъий иродаси, истиқлол йўлида кураш олиб борган фидойи аждодларимизнинг жасорати ва матонати билан қўлга киритилган, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу ишларимизнинг асоси, келажак авлодларимиз учун безавол етказишимиз шарт бўлган буюк ва муқаддас қадриятдир.
Айнан истиқлол туфайли янгиланган Конституциямиз ҳамда "Ўзбекистон - 2030" стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инсон қадр-қимматини улуғлаш, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, буюк тарихимиз ҳамда миллий урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, минтақамизда яхши қўшничилик муносабатларини қарор топтириш, мамлакатимизнинг халқаро обру- эътиборини юксалтиришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур фармон мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудрати ва салоҳияти, жаҳон майдонидаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган, ўзининг кўп йиллик фидокорона меҳнати, юксак касбий маҳорати ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган ватандошларимизга берилиши билан ҳам қадрли.
Фармон билан “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонининг Низоми ва тавсифи ҳам тасдиқланди.
"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, давлатимиз сарҳадлари дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни руёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшган, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обру-эътибори ва нуфузини ошириш, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни янги босқичга кўтариш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувликни, тинчлик ва барқарорликни асраш, инсон қадрини улуғлаш борасидаги ишларда сидқидилдан хизмат қилаётган, кўп йиллик самарали меҳнати билан халқимиз фаровонлигини юксалтириш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган юртдошларимиз, барча соҳалар вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланади.
"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам такдирланиши мумкин.
ЎзА