Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири “ADEX 2026” олтинчи Озарбайжон халқаро мудофаа кўргазмасида иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрига амалий ташриф билан борди.
Делегациямиз вакиллари дастлаб Боку шаҳрида ўтказилаётган “ADEX 2026” олтинчи Озарбайжон халқаро мудофаа кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этди.
Қувонарлиси, минтақада мудофаа саноати соҳасидаги энг нуфузли ва фойдали платформалардан бири дея эътироф этилаётган ушбу кўргазмада Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати вакиллари “Made in Uzbekistan” ягона миллий бренди остида мамлакатимиз мудофаа саноатининг ишлаб чиқариш ва технологик салоҳиятини намойиш этмоқда.

Кўргазма доирасида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашди.
Учрашув чоғида мудофаа вазири Озарбойжон Республикаси Президентига миллий стенддан ўрин олган, маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган замонавий мудофаа маҳсулотлари, ўқ-дорилар, шахсий ҳимоя воситалари, ҳарбий анжомлар, авиация воситалари, шунингдек, дрон ва антидрон тизимларини таништирди.
Икки томонлама музокаралар давомида "ADEX" ва "Securex Caspian" кўргазмалари иштирокчилар ўртасида янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, шунингдек, ҳарбий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.
ЎзА