Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили, “LAWFULL” Адвокатлик фирмаси адвокати А.Раҳимов ва фуқаро А.Калжановларнинг мурожаатлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 324-39-моддаси олтинчи қисмининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28, 54 ва 55-моддаларига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Конституциявий суд мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси вакиллари, Одил судлов академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Тошкент давлат юридик университети, Жамоат хавфсизлиги университети, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти вакиллари ҳамда Конституциявий суд илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари қатнашди.
Мурожаатчилар, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тафтиш тартибида Олий суднинг бир нафар судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши ва унинг қарори устидан шикоят қилиш имконияти мавжуд эмаслиги, бошқа суд иш юритувларида тафтиш инстанцияси қарорларини қайта кўриб чиқиш механизмлари мавжудлиги, маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар бундай имкониятдан маҳрум қилинганлиги, бу инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳақидаги қоидага зид эканлигини, маъмурий жавобгарликка тортилган шахснинг айбдорлиги борасида тафтиш инстанциясида қолган шубҳалар бошқа суд инстанцияси томонидан текширилмасдан узил-кесил ҳал этилиши, бу эса айбсизлик презумпцияси принципини бузишини баён этиб, Конституциявий суддан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 324-39-моддаси олтинчи қисмининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлашни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланади. Хусусан, Конституциянинг 28-моддаси биринчи қисмида, айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади, деб белгиланган.
[gallery-32483]
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди (54-модданинг биринчи ва иккинчи қисми).
Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади (55-модданинг учинчи қисми).
Конституциявий суд маърузачи судья А.Раҳимовнинг маърузасини, мурожаат этувчи тарафларнинг тушунтиришларини ва Олий суд, Адлия вазирлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Адвокатлар палатаси вакилларининг ҳамда Конституциявий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари муҳокама қилинаётган масала юзасидан ўз фикрларини билдирди. Суд мажлисида билдирилган фикр-мулоҳазалар эшитилди ва Конституциявий суд мажлисида 17 ноябрга қадар танаффус эълон қилинди.
Н.Абдураимова,
С.Ўрмонов (сурат), ЎзА