Тараққиётнинг бугунги босқичида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ўз олдига халқаро тан олинган аудит стандартлари асосида мамлакатимизда янги молиявий, самарадорлик ва мувофиқлик аудитининг миллий стандартларини ишлаб чиқиш ва назорат тадбирларини ушбу стандартларга мувофиқ ўтказиш вазифасини қўйган.
Шу мақсадда 2021 йил 23 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Олий аудит органларининг халқаро ташкилоти (INTOSAI)нинг таркибига тўлақонли аъзо сифатида қўшилган эди.
“Аъзоликка қабул қилинган даврдан ҳозирги кунга қадар Ҳисоб палатаси хорижий олий аудит органлари иштирокида 20 га яқин халқаро онлайн анжуман, ўқув семинар ва тренингларда иштирок этди. Ушбу тадбирлардан олинган билим ва малакалар Ўзбекистоннинг давлат молиявий назорат тизимини нуфузли халқаро стандартларга мослаштириш имкониятини беради”, дея маълумот беради Ҳисоб палата матбуот хизмати.
Кун сайин Ҳисоб палатаси халқаро фаолиятининг кўлами ва жуғрофияси кенгайиб бормоқда. Куни кеча яна бир маррага қадам қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Осиё Олий аудит органларининг халқаро ташкилоти (ASOSAI) Бошқарув кенгашининг 58-учрашувида ушбу ташкилот таркибига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди.
ASOSAI 1979-йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унинг таркибига 46 та мамлакат олий аудит органлари кирган. Яъни, Осиёнинг деярли барча мамлакатлари унга аъзо бўлган.
Ушбу нуфузли ташкилотнинг асосий мақсади – аъзо мамлакатлар орасида давлат аудити соҳасида фикр ва тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳалар ва назорат тадбирлари доирасида ҳамкорлик қилиш, сифат ва самарадорликни таъминлаш мақсадида давлат аудиторларининг доимий малакасини оширишдир.
"ASOSAI" га аъзолик Ўзбекистонда ташкил қилинган давлат молиявий назорати тизими учун бир қатор тизимли афзалликлар беради, хусусан:
• унинг салоҳиятини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш;
• давлат секторини самарали назорат қилишнинг янги стандартларини ўзлаштириш;
• илғор ғоялар ва хорижий тажриба алмашиш;
• халқаро ҳамжамият доирасида эътироф этилган жамоатчилик овозига эга бўлиш.
Мазкур стандартлар мамлакатимизда молиявий назорат жараёнининг шаффофлигини ошириш ва аудиторлик фаолияти сифатини таъминлашга хизмат қилади. Натижада бу давлат молиявий назорати органлари ҳамда аудит натижаларига нисбатан кенг жамоатчилик ишончининг ошишига олиб келади.
Насиба Элибекова