Ўзбекистон-Қозоғистон: Архив соҳасида ҳамкорлик ривожланиш босқичида
Қозоғистон Республикаси Остона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти архиви ўртасида архив иши ва иш юритиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат икки мамлакат архив муассасалари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда архив ишини замонавий талаблар асосида ривожлантиришга хизмат қилади. Меморандум архив ҳужжатларини сақлаш, улардан фойдаланиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш бўйича ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаб беради.

Маросимда томонлар архив соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, рақамлаштириш жараёнлари ҳамда миллий архив фондларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр алмашди. Таъкидланганидек, тарихий ҳужжатли меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш масаласи бугунги кунда халқаро ҳамкорликни талаб этувчи устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Маросимдан сўнг делегациялар ўртасида икки томонлама музокаралар ташкил этилди. Музокаралар давомида архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва электрон фондларни шакллантириш, рақамли архив технологияларини жорий этиш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ва стажировкалар ташкил этиш, қўшма илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатларини ўтказиш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар тарихий аҳамиятга эга ҳужжатларни аниқлаш, уларни илмий муомалага киритиш, архив фондларидаги маълумотлардан самарали фойдаланиш ҳамда архив хизматлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш, тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда архив соҳаси мутахассислари ўртасидаги профессионал алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларга эришди.
Мазкур англашув меморандумининг имзоланиши Ўзбекистон ва Қозоғистон архив муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, тарихий ҳужжатли меросни сақлаш ва ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Г.Бобоева, ЎзА